Zuhriddin FOZILOV | IT-Education
189 subscribers
2.03K photos
542 videos
165 files
1.77K links
🎓 Termiz iqtisodiyot va servis universiteti magistri.

Informatika va axborot texnologiyalari fani õqituvchisi. 2-toifa. Surxondaryo viloyati, Denov tumani.

Tel: +99890-110-91-61

Murojaat: t.me/fozilovblog_bot
Download Telegram
#Сўраган_эдингиз

МАСОФАВИЙ ТАРЗДА ИШЛАГАНДА ФАН ЎҚИТУВЧИСИ ТОМОНИДАН ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ЮРИТИЛИШИ ЛОЗИМ?

#Савол
Ассалому алайкум, Халқ таълими инфо канали модераторлари!
Биз ҳозирда масофадан туриб ишлаяпмиз. Бунинг учун бизга иш ҳақи тўланар экан. Шуни ҳисобга олсак биз бирон бир ҳужжатларни ҳам юритишимиз керакми, ёки бунга ҳожат йўқми. Жавоб учун рахмат.

#Жавоб
Барчамизга маълумки илгари (карантин эълон қилинишидан аввал) фан ўқитувчилари томонидан конспект, синф журнали ва тўгарак ҳужжатларини юритиш талаб қилинар эди ва шунинг учун ойлик маоши ҳисобланар эди.

1 апрелдан бошлаб эса барча фан ўқитувчилари масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилди. Фан ўқитувчилари эса телевидение орқали ўтилган янги мавзуларни мустаҳкамлаш, уйга берилган вазифаларнинг бажарилишини текшириб назорат қилиб турса шуни ўзи кифоя.

Фан ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатларга келсак, улар карантин вақтида қуйидаги вақтинчалик ҳужжатларни юритиб бориши мақсадга мувофиқ:

1. Фан ўқитувчисининг вақтинчалик журнали.

2. Ўтилаётган видеодарслар мавзуси.

3. Ўтилаётган мавзу бўйича тезислар.

4. Ўқувчиларга уйга берилган вазифаларни қайд этиш дафтари.

Кўпчилик тезис нима эканлигига тушунмай қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб бу атамага ҳам изоҳ бериб ўтишга қарор қилдик.

Тезис - бу юнонча сўздан олинган, бўлиб, исбот, қоида деган маъноларни англатади. Тезис бирон-бир илмий асар, мақола, маъруза, ёхуд дарс мавзусидаги асосий ғояларнинг қисқа ва лўнда баёнидир. Бу ўқитувчилар ёзадиган конспектдан фарқ қилиб, уни қандай тартибда ёзилишига ҳеч қандай талаб қўйилмайди. У хоҳ, 2 сатр хоҳ 1 вароқ ҳажмда ёзилиши мумкин.
#Сўраган_эдингиз

МАКТАБЛАРДА ДАРС ТАҚСИМОТИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ КЕРАК?

#Савол
Умутаълим мактабларида дарс тақсимоти қандай амалга оширилиши керак? Кўп мактабларда мактаб директори, ЎТИБДЎ ўзи дарсларни тақсимлайди. Аслида бу борада қонунчиликда нима дейилган?

#Жавоб
Барчага маълумки шу вақтга қадар мактабларда дарс соатларини тақсимлаш бўйича аниқ бир мезон белгилаб берилмаган эди. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда мактаб директори ёки ЎТИБДЎ ўз қарашларидан келиб чиқиб дарсларни тақсимлар эди.

Ниҳоят жорий йилнинг 30 июнида Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида” низом Адлия вазирлигида 3271-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ушбу низомга мувофиқ ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланиши белгилаб қўйилди:

Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
Ўкитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;
Чет тили ва SТЕАМ фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (TESOL Level 5, CEFR В2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);
ТОР-1000 университетлар рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетларини битирган ўқитувчилар;
Aсосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
Ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиблари;
Республика босқичидаги кўрик танловларда (йил ўқитувчиси) совринли ўринларга эга бўлган ўкитувчилар;
Олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;
Биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;
Асосий олимпиадаларнинг вилоят ва туман босқичи ғолибларининг ўқитувчилари;
Иккинчи малака тоифага эга ўкитувчилар;
Педагогик йўналиш бўйича магистр даражасига эга ўқитувчилар;
Белгиланган тартибда ўз фанидан ўтказилган назарий ва амалий синовлар натижаси бўйича аъло баҳоларга эга ўқитувчилар;
Олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;
Қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;
Олий таълим муассасаларининг педагогик йўналиш бўйича битирувчи босқич талабалари;
Педагогик йўналиш бўйича хорижий давлатларнинг олийгоҳларини битирган, бироқ дипломи тан олинмаган ўқитувчилар;
Олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар;
Олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

Уқитувчи юқоридаги белгиланган кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.
Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари тенг тақсимланади.

Ана энди юқоридаги кўрсаткичлар бўйича устунликка эга бўлган ўкитувчилар бемалол максимал бир ярим ставкагача (30 соат) дарс олиши мумкин экан.

✍️ T.me/fozilovblog
#Сўраган_эдингиз

⚡️СИНФ РАҲБАРЛАРИ «СИНФ СОАТИ» УЧУН КОНСПЕКТ ЁЗИШИ КЕРАКМИ? ТЎГАРАК РАҲБАРЛАРИЧИ?

#Савол
Ўқитувчилар конспект юритишдан расман озод қилинди. Энди синф раҳбарлари ҳам "Синф соати" учун конспект юритиши шарт бўлмайдими? Ундан ташқари тўгарак раҳбарлари ҳам тўгарак машғулотлари учун конспект юритиши шарт эмасми?

#Жавоб
Бу савол жуда кўпчиликни қийнайди. Ҳақиқатдан ҳам мазкур масала бўйича аниқ бир ҳолат айтиб ўтилмаганди.

Ўтган йиллар мобайнида синф раҳбарлари «Маънавият соати» учун албатта конспект ёзиши шарт бўлган.

Чунку у пайтда ўқитувчилар конспект ёзишдан озод қилинмаган эди. Шунинг учун синф раҳбарлари ҳам конспект ёзган.

Ҳўш эндичи? Энди бу борада қандай йўл тутиш лозим? Синф раҳбарлари конспект ёзадими ёки йўқ?

Бу масалага ойдинлик киритш мақсадида Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғландим.

Лайло Рустамованинг маълум қилишича Ўқитувчилар “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 3058-I-сонли қарорга кўра фақат синф журналини юритади.

Синф раҳбарлари синф соатида конспект ёзмайди.

Синф раҳбарлари Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 30 июль кунги “Умумий ўрта таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида”ги 180-сонли буйруғига кура 2 та ҳужжатни юритади.

Тўгарак раҳбарлари томонидан тўгарак машғулоти учун конспект ёзилиши вазирлик томонидан белгиланмаган.

❗️Ҳуллас синф раҳбарлари «Синф соати» дарси учун конспект ёзишлари шарт эмас.

P.S: Текиширишга келганлар нега конспект йўқ дейишса, ёки талаб қилишса вазирликнинг 180-сонли буйруғини асос қилиб кўрсатишингиз мумкин экан.

@fozilovblog
#Сўраган_эдингиз

ЎҚИТУВЧИ КОНСПЕКТ ЁЗМАЙДИ !!!

#Савол
2020-2021 ўқув йилидан ўқитувчилар дарс ишланмаси (конспект) ёзмайди деган мазмундаги хабарни ўқигандим. Лекин бизни мактабда дарс ишланмаси ёзилади деб талаб килиняпти. Дарс ишланмалари ёзиладими ёки йукми?

#Жавоб
Ўқитувчиларни қийнаб келаётган катта муаммолардан бири бу конспект масаласи. Сўнги йилларда конспект масаласи жуда кўп муҳокама қилинди. Дастлаб конспектларни электрон шаклда юритишга рухсат берилди. Бу қонуний асослар билан исботланган бўлсада айрим “раҳбарлар” ўқитувчилардан конспектни қўлёзма шаклда ёзишни талаб қилиб келди.

Ана энди ўқитувчилар бутунлай конспект ёзишдан озод қилинган бўлсада, баъзи бир “раҳбарлар” яна конспект ёзишни талаб қилмоқда экан. Шунинг учун ҳам конспект масаласига яна бир бор ойдинлик киритишга қарор қилдик.

Хабарингиз бўлса жорий йилнинг 29 июнь куни “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 3058-I-сонли қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қарорга мувофиқ, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари томонидан йиллик тақвим-мавзуий режа ҳамда кундалик дарс ишланмалари (конспект)ни юритиш бекор қилинди.

Яъни ўқитувчилар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони 3 тадан 1 тага қисқартирилди. Энди ўқитувчиларда кундалик дарс ишланмалар (конспект дафтари) бўлиши шарт эмас. Ўқитувчи томонидан синф журнали юритилишининг ўзи етарли бўлади. Журнал ҳам босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Ўқитувчида конспект бўлмаса дарсни қандай ҳужжатларга асосланиб ўтади деган савол туғилиши табиий. Энди Республика таълим маркази томонидан “Миллий ўқув дастури”нинг асосий компонентлари доирасида барча фанлардан “Ўқитувчи китоби” жорий этилиб, у мактаб ўқитувчиларининг дарс ишланмаси (конспект)нинг ўрнини тўлдиради.

Бундан ташқари синф раҳбарлари ҳам “Синф соати” учун конспект ёзмайди. Синф раҳбарлари Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 30 июль кунги “Умумий ўрта таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида”ги 180-сонли буйруғига кура 2 та ҳужжатни юритади.

P.S: Раҳбарлар сиздан нега конспект йўқ деб сўрашса ёки талаб қилишса Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 3058-I-сонли қарорни асос қилиб кўрсатишингиз мумкин.


Бизнинг канал
👇👇👇
https://t.me/dokument_Zamdirektor
#Сўраган_эдингиз

ЎҚИТУВЧИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТОЛМАСА ИШДАН ОЛИНАДИМИ?

#Савол
Мен биология фани ўқитувчисиман. Ҳозирда ҳеч қандай тоифам йўқ. Мен навбатдаги аттестацияга жалб қилиндим. Директоримизни айтишича, агар мен етарли балл тўплолмай аттестациядан ўтолмасам мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишини айтди. Шу тўғрими?

#Жавоб
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сонли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ иккинчи малака тоифасига давогар бўлган мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог ходим етарли балл тўплай олмай, аттестациядан ўта олмаса аттестация комиссияси «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» деган қарор қабул қилади.

Аттестациядан ўтолмаган педагог ходим навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади ҳамда кейинги йилда қайта аттестацияга жалб этилади. Қайта аттестацияга жалб этилган педагог ходим иккинчи мартта ҳам аттестациядан ўтолмаса иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат ҳақидаги қонунларда белгиланган тартибда бекор қилинади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, сиз аттестациядан ўта олмасангиз шу йилнинг ўзидаёқ меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Педагог ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси иккинчи мартта ҳам улар аттестациядан ўтолмаган тақдирдагина Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-бандига мувофиқ бекор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, баҳолаш мезонлари бўйича ўртача кўрсаткич чиқарилмайди ҳамда баҳолаш мезонларининг бирортаси бўйича белгиланган кўрсаткичдан паст баҳоланса «аттестациядан ўтмади» деган қарор қабул қилинади.

Бизнинг канал
👇👇👇
https://t.me/dokument_Zamdirektor
#Сўраган_эдингиз

МАКТАБДАГИ РАҲБАР ХОДИМЛАР ДАРС БЕРИШИ МУМКИН ЭМАСМИ?

#Савол
Ассалому алайкум! Бизни туман ХТБ мактабларда ишлайдиган раҳбар ходимлар дарс ўтиши мумкин эмас дейишяпти. Энди бизга мутахасислигимиз бўйича 10 соат дарс берилмас экан. ХТБ мудири шундай деб буйруқ берибди шу тўғрими?

#Жавоб
Мазкур вазиятга Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига 3-илова, «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида»ги Низомда изоҳ бериб ўтилган.

Мазкур низомга кўра раҳбар ходимлар ўз мутахасислиги бўйича 10 соатгача дарс бериши мумкин. Умумтаълим мактабларида раҳбар ходимлар сифатида умумтаълим мактаби директори, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, мактаб директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари, умумтаълим мактабидаги ўқувчиларни чақириққа тайёрлаш раҳбари ва бошқалар қаралади.

«Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида»ги Низомнинг 14-бандида белгилашинича, халқ таълими муассасасининг раҳбар ходимлари томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади.

Худди шу тартиб 2020 йил 30 июнда Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 3271-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомида ҳам кўрсатиб ўтилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, мактаб раҳбар ходимлари ўз мутахасислиги бўйича 10 соатдан ошмаган миқдорда дарс беришлари мумкин. Бунда 0.5 ставка миқдорда ишлаётган раҳбар ходимларга 20 соатгача дарс ўтишига рухсат берилади.

❗️Бу ўринда ХТБ мудири нафақат ноҳақ балки Ўзбекистон Республикаси Взирлар Маҳкамаси Қарорига қарши чиққан деб ҳисоблаймиз.

Эслатиб ўтамиз,
педагог ходимларга дарс соатлари “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомида белгиланган тартибда тақсимланади.

Бизнинг канал
👇👇👇
https://t.me/dokument_Zamdirektor